Tuesday, December 24, 2013

СЕТОМАНИЯ – БУ ХАВФЛИ КАСАЛЛИК!!

 

         Постнинг мавзусини ўқиб хайрон қолгандирсиз, "сетомания" қанақа касаллик экан деб. Бу тушунчани фанга камина киритди J . Бу касаллик нимадан иборат? Сетомания – бу иш, рўзғор, ҳаёт ташвишларидан узоқлашиб доимий равишда ҳозирда "ижтимоий тармоқ" (P.S. – қанча ўйлаб кўрсам ҳам бу сайтларнинг ижтимоий жиҳатини топа олмадим) деб аталаётган Одноклассники.ру, Фэйсбук.ком, Вконтакте.ру ва бошқа шунга ўхшаш сайтларга муккасидан кетиб ўтириш касаллигидир. Очиғи бу сайтларга 2009 йилдан бери киришган бўлсам жуда кўп вақтимни олганлигини энди ҳис қилаябман. Бу ҳис қилиш нимадан пайдо бўлди деб сўрасангиз яқинда ишхонамизда иш унуми тушиб кетганлиги ва интернет харажатлари кўпайиб кетганлиги сабабли оммавий равишда "ижтимоий тармоқ" сайтларига рухсат ёпиб қўйилди. Аввалига норози бўлдик, кейин ўйлаб кўрсак тўғри қилишган экан. Шунча иш қолиб кетиб фақат нетда ўтирган эканмиз, иш унумига ҳам таъсир қилганини сезаябман. Синфдошлар.ру сайтида 2009 йилда энди аъзо бўлган пайтларим ақлли гаплар, статуслар, фикрлардан бахраманд бўлардим. Ҳозирда эса сайтга назар солсангиз "Палончи" қидирилаябди, "Палон болага" ёрдамингиз керак, Уятли кадрлар ҳамрохлигида уят сўзлар ёзилади, болаларни Айфон, Айпад ўйнаб ўтирган расмларига ХХ1 аср болалари деб коммент ҳам ёзиб қўйишади. Мен ижтимоий тармоқ саналган сайтларни қораламоқчи эмасман, сарф қилаётган вақтимиз унуми ҳақида бироз ўйлаб кўрайлик демоқчиман холос. Ота-бувамиз бизнинг ёшимизда тинмасдан ишлашган, Биз эса иш вақтимизни  бўлмаганда 25-30% ни шу сайтларга бағишлаймиз. Сайт муаллифлари Сайтларда ўзига жалб қилувчи сўзлар жилосидан устамонлик билан фойдаланишганлигини кўришимиз мумкин.

 

Админиддин бир неча бор ЖАР солганлиги ҳам эсимга келиб қолди, ҳадеб бошқа сайтларда ўтирмасдан, Курсдошларимизнинг БЛОГига ҳам озроқ эътибор беринглар дегани. Охирги пайтлар Блогда анча суст ҳаракатлар кузатилаябди, шунга эътибор қаратмоқчиман холос. Қўйинглар шу "ижтимоий тармоқ" сайтларини ҳеч яхши нарса бермайди сизларга. Ундан кўра фарзандларингизни паркларга, ўзингиз билан бозорга олиб боринг, энг яхшиси китоб ўқинг ва қанақа китоб ўқиганлигингиз таасуротлари билан Блогда биз билан баҳам кўринг. Ҳаммага омад!

 

Sunday, December 22, 2013

ЎҚИШ, ЎҚИШ ВА ЯНА ДИПЛОМ (Н.Б. Муҳаммадиев)

ЎҚИШ, ЎҚИШ ВА ЯНА ДИПЛОМ

(Н.Б. Муҳаммадиев)

         Салом дўстларим! Мана бугун ўқишни тугатганимга 2 ҳафтадан ошди. Табриклар учун алоҳида раҳмат. Ота-боболаримиз "илҳом париси келганда қўлимга қалам олиб ўз кечинмаларимни баён этдим" деб ёзишарди. Ҳаёт шу қадар шиддат билан ривожланаябтики ҳозирда қалам билан эмас компьютерни электр токига улаб клавиатурага яқинроқ ўтирсак бўлгани. Ижод бўлаверади. Мен сизга баён этмоқчи бўлганларим яна ўша мавзу "ЎҚИШ" тўғрисидадир.

         Қарши Давлат Университетида ўқиб юрган пайтларим Акам (P.S.- кўпчилигингиз танийсиз исми Наврўз) Тошкентда ўқирди. Каникулларда келганларида ўқиш таасуротлари, ўқитиш услублари ҳақида ҳикоя қилиб берганда рости жуда ҳавасим келарди. Нимага мен ҳам Тошкентга ўқишга топширмаган эканман деб ўзимни роса койирдим. 2004 йил Тошкентга янги келган пайтларим биринчи қилган ишларимдан бири машҳур НАРХОЗ (Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети) га Магистратурасига хужжат топширдим.

Тўғриси хужжатимни олишмади, чунки Дипломга илова нотўғри тўлдирилган экан. (Менимча ҳаммангизда шунақа нотўғри тўлдирилган бўлса керак) Қаршига қайтиб келиб Иловани бошқатдан ёздириб, "раҳмат" эвазига албатта, хужжатларимни олиб бориб топширдим. Лекин афсуски кира олмадим, кириш бали "21.5" ман тўплаган балл "18.5". Лекин ёнимда ўтирган ва ҳеч нарса ёзмаган болалар ўқишга қабул қилинди. Бу ноҳақликка чидай олмай тўғри Ректорни олдига бордим (P.S. - Ҳозиргача эсласам юрагим орқага тортиб кетади қандай қилиб Ректорни олдига кириб борганман деб). Меҳнатсиз ва курашсиз ҳаётда ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини англаб етганман ўшанда. Ректор эса ўз навбатида Магистратурани деканини чақириб "разберись" деган. Декан эса хонасига олиб бориб роса шахсиятимга теккан "эркакмисан", "тупой бўлсанг ман нима қилай", "харп" каби сўзлар билан. Мен индамай эшитиб туриб мени ўқишга кира олмаганим сизга шахсиятимга тегиш ҳуқуқини бермайди деб мен ҳам ундан қолишмаган ҳолда роса олдида "онасини дуо" қилганман........

Қисқаси ўхшамади. Лекин ўқиш иштиёқи менга барибир тинчлик бермасди. 2011 йили Банк Молия Академиясига (кейинги ўринларда "Академия") ўқишга топшириш имконияти бўлиб қолди, ва мен бу имкониятдан фойдаланиб қолдим, лекин ......гилар яъни мени "яхши кўрадиганлар" бунга йўл қўйишмади. Хужжатим Академиягача етиб бормади. Бу ҳолат мендаги ўқиш ва ҳаракат қилиш иштиёқини яна ҳам ошириб юборди. Энди қасдма қасдига ҳаракат қила бошладим ва ўз ўзимга мени "яхши кўрадиганларга" кўрсатиб қўйиш учун ҳам ўқийман деб сўз бердим. 2012 йил Академияга қабул эълон қилингандан кейин яна ҳаракат қилиб хуллас имтиҳонгача бордим ва Талабаликка қабул қилиндим.

Тажриба – бу ҳаётдаги энг катта ўқитувчи эканлигини ҳис қилдим, лекин уни тўлови қимматга айланар экан.

         Саъдий бувамиз айтганларидек "Ўқишни ҳоҳламасдан ўқиган ўқувчи қанотсиз қуш кабидир", мен астойдил ўқишга киришиб кетдим. Академияда Устозларни талабага билим бериш эмас унга йўналишни кўрсатиш тамойили асосида иш юритганларини кўриб рости лол қолдим. Бу нарса менга жуда ёқди. Талаба ўз устида ўзи ишлайди. Бу ерда ҳар битта фанда талабалар 5 кишидан иборат гуруҳ гуруҳ бўлиб ўқишади ва ҳаракат қилишади. Энг қизиғи бошқа фанда бутунлай бошқа бешликка тушиб қоласиз. Академиянинг асосий шиори "Талаб ичини билим билан тўлдириладиган идиш эмас, у ёқилиши керак бўлган оловдир".

         Ростини ўзимни ақлли кўрсатиб сизларга ўқиганлигимни мақтанмоқчи эмасман, мени ўқиганим қолганлар олдида ҳеч нарса эмаслигини ҳам биламан, Талабалар чет элларга бориб МА, PhD олиб келишаябди. Лекин инсон доимо ўқиши, ўз устида изланиши керак эканлигини ўз мисолимда кўрдим. Уйда дарс қилиб ўтирган пайтларим болаларим ҳам олдимга келиб улар ҳам болаларча дарс тайёрлаб кетишарди ва мени ўқиш жараёнимни мароқ билан кузатишарди ва бу уларга ҳам туртки бўлди деб ўйлайман.

Айниқса талабалик давримда дунёга келган қизалоғимни эркалатиб "Мени Магистрим" деб атай бошладим.

         Хуллас Ўқиш ва илмий иш тайёрлаш жараёни мени яна қандайдир ўзгаришлар қилишга ундаябди. Ҳозирча яқин 5 ва 10 йилларга режа тузиш билан машғулман. Сизга фақат шу ичимдагиларни баён этдим холос. Саломат бўлинглар! Янги йилда ҳаммага омад тилайман.

 

 

 

 

 

 
Design by Free WordPress Themes | Bloggerized by Lasantha - Premium Blogger Themes | Grants For Single Moms